Жиноятчилик ошаётганига мутасаддилар нега бефарқ?
Фарғона вилоятининг барча маҳалла фуқаролар йиғинларида “Обод ва хавфсиз маҳалла” тамойили асосида “Ҳамжиҳатлик бор жойда жиноятга ўрин йўқ!” шиори остида тарғибот тадбирлари бўлиб ўтмоқда.
Жиноятчиликни жиловлаш ва турли ҳуқуқбузарликни олдини олишда маҳалланинг ўрни беқиёс. Шу боис мамлакатимизда бу тизимнинг жамият ҳаётидаги ролини ошириш, ваколатларини кенгайтириш, ҳар бир маҳаллани жиноятдан ҳоли ҳудудга айлантиришга муҳим эътибор қаратиляпти. Айни кунларда вилоятда маҳалла ва оилани қўллаб-қувватлаш бошқармаси, ички ишлар органлари, миллий гвардия ҳамкорлигида криминоген вазияти оғир бўлган 108 та маҳаллаларда мазкур йўналишда кенг қамровли ишлар олиб борилмоқда. Ташкил этилган ишчи гуруҳ ва штаб томонидан ўрганишлар натижалари чуқур таҳлил қилиняпти.
Профилактика инспекторлари томонидан ўтказилган тадбирлар давомида 18 минг 339 та оилалар ўрганиб чиқилиб, улардан 312 нафар фуқароларнинг бандлиги таъминланди. Аниқланган 3 та жиноятлардан 2 таси иссиқ изида фош этилиб, аввал содир этилган жиноятларнинг 95 таси шахсан профилактика инспекторлари томонидан фош этилди. Миллий гвардиянинг 780 та патрулли йўналишлари ташкил этилган бўлиб, жиноятчилик ва ҳуқуқбузарликнинг олдини олиш чораларини кўрмоқда. Маҳалла фаолларининг саъй-ҳаракатлари натижасида 570 та оилавий ажримнинг олди олинди. Ўрганилган оилаларда 2 минг 70 нафар аҳолини тадбиркорликка жалб этиш чоралари кўрилди.
Фарғона вилоятида 1 минг 41 та маҳалла фуқаролар йиғинлари бўлиб, жорий йилнинг ўтган 4 ойида 311 та маҳаллада жиноят содир этилган. 730 та маҳаллада эса жиноят содир этилишига йўл қўйилмади. Афсуски, баъзи шаҳар ва туманларда бу борадаги ишлар ўз самарасини бермаяпти. Хусусан, Фарғона шаҳрида 13 тадан 41 тага ёки 58,6 фоизга жиноятчилик ошди. 70 маҳалла фуқаролар йиғинидан 49 тасида жиноят содир этилганини, айрим жиноят турларининг кескин ошганлигини қандай тушуниш мумкин? Ташвишланарлиси, оила-турмуш муносабатлари доирасида 318 та ҳуқуқбузарликлар содир этилиб, унинг салмоғи юқорилигича қолаётир.
Фарғона шаҳридаги “Баҳор” маҳалла фуқаролар йиғинида ўтказилган тадбирда жиноятчилик ҳолати таҳлил қилиниб, унинг сабаб ва омиллари муҳокама этилди.
Ҳуқуқбузарликнинг оқибатлари билан курашиш эмас, балки унинг барвақт олдини олиш керак. Ваҳоланки, бу йўналишдаги ишлар маҳаллада етарли бўлмаганлиги учун ҳам умумий содир этилган жиноятлар 7 тадан 57 тага ошиб кетишига йўл қўйилди. Тадбирда мутасаддиларга жиноятчиликни жиловлаш йўлида аниқ топшириқлар берилиб, барча ҳамжиҳатликда ҳаракат қилиши ҳамда тарғибот ишларини кучайтириши лозимлиги таъкидланди.