Давлат божи ставкалари оптималлаштирилди
Янги қонун
Бу уй-жой олди-сотдиси билан боғлиқ нотариал ҳаракатларга ҳам алоқадор.
Олий Мажлис Сенатининг тўртинчи ялпи мажлисида “Давлат божи тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси қонунига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш ҳақида”ги қонун маъқулланган эди.
Мазкур қонун шу йил 21 майдан кучга кирди.
Қонун билан Ўзбекистон Республикасида доимий яшовчи ва республиканинг бошқа минтақаларида доимий пропискага эга бўлган Ўзбекистон Республикаси фуқаролари томонидан Тошкент шаҳри ва Тошкент вилоятидаги янги қурилган уйларда кўчмас мулк олди-сотди шартномаларини расмийлаштириш учун давлат божининг алоҳида ставкаси бекор қилинди.
Бундан ташқари, нотариал амалиётда, хусусан, битимларни тасдиқлаганлик ва мерос ишларини расмийлаштирганлик учун давлат божини ундиришнинг ўзига хос хусусиятларига аниқлаштирувчи ўзгартиш ва қўшимчалар киритилди.
Нотариал ҳаракатларни амалга оширганлик учун ундириладиган айрим давлат божи тўловларинг миқдорлари оптималлаштирилиши ҳам назарда тутилган.
Шу билан бирга, адвокатлик тузилмалари, уларнинг таъсис ҳужжатларига киритилган ўзгартиш ва қўшимчалар, юридик маслаҳатхоналарнинг низомларини давлат рўйхатидан ўтказганлик ҳамда юридик маслаҳатхоналарни ҳисобга олганлик учун ундириладиган давлат божи ставкалари бўйича қўшимча киритилган.
Мухтасар қилиб айтганда, мазкур қонун давлат божи ставкаларининг оптималлаштирди ва уни ундиришнинг ўзига хос хусусиятларини аниқлаштирди.
Бахтиёр УМАРОВ, сенатор