http://uza.uz/upload/iblock/e4c/ustozlarga_minnatdorlik_manaviyat_osmonida_y_lchi_yulduzsiz_.jpg

УСТОЗЛАРГА МИННАТДОРЛИК: маънавият осмонида йўлчи юлдузсиз...

Теледарслар бошланганининг биринчи ҳафтаси эди. Ўғлимга дарсликдаги вазифани тушунтиришга уринардим. У эса “Йўқ, устозим бошқача тушунтирарди... Тушунмаяпман... Жаҳл қилмасди... Сиз яхши онасиз, лекин яхши устоз эмас экансиз...” деб эътироз билдирарди.  
Халқимизда “Она бўлиб, онамнинг қадрини билдим” деган нақл бор. Мен устозлик масъулияти, юкини шунда ҳис қилдим. Она бўлиб ўргатиш бошқа, устоз бўлиш бошқача экан. Бу ҳолатни кўпчилик оналар бошидан ўтказган бўлиши мумкин. Англадимки, мен ўқитувчилик қила олмас эканман. Онлайн дарслар ҳамма ўқитувчиларга миннатдорлик билдириш учун бир имкон бўлди, чамамда. 
Маълумки, 16 мартдан бошлаб барча таълим муассасаларида таътил белгиланиб, 30 мартдан онлайн дарслар ташкил этилди. Талабалар, ўқувчилар учун интернет тармоқлари ва телевидение орқали дарслар йўлга қўйилди.
Ота-оналар кўпроқ фарзандлари билан бирга бўлиши, биргаликда дарс тайёрлаши, машғулотларни бажаришда кўмаклашиши учун вақт ҳам топилди. Аслида ҳар бир ишда ҳикмат бор, дейишади. Карантин қайсидир имкониятларни, иқтисодий ўсишни чеклаган бўлса ҳам меҳр-оқибатни, инсонийлик фазилатларни, оилавий қадриятларни мустаҳкамлашга хизмат қилди. Албатта, бу жараён кўпчилик учун ўйлаб кўриш, ўз устида ишлаш имкониятини яратди.
Мен ҳам мактаб ва мактабгача таълим йўналишидаги теледарс ва машғулотларни фарзандларим билан бирга бажардим. Телеграм мессенжерида очилган гуруҳлар орқали устозлар билан ҳамкорликда ишладик. Дарсларни тайёрладик, буюмлар ясадик, расмлар чиздик. Бир сўз билан айтганда, ҳар бир ота-она ўқитувчилик масъулиятли, мураккаб, машаққатли касб эканини билди. Жумладан мен ҳам.
Мана ўқув йили ҳам якунига етди. Дарслар тугади. Гуруҳдаги якуний суҳбатларни кузата туриб, ота-оналарнинг устозларга миннатдорлик билдираётганига гувоҳ бўлдим. 
Ҳақиқатда бугун ҳар бир ўқувчисига вақт топиб мулоқот қилган, масъулиятни чуқур ҳис этган, ўз касбига фидойи педагоглар бу касбнинг юксаклиги, устознинг отадек улуғлигини исботлагандек бўлди. 
Фидойи касб эгаларидан миннатдормиз.
София Сатторова, Сурхондарё вилояти

http://uza.uz/include/img/tg-chan-oz.png
http://uza.uz/include/img/mistake-oz.png