http://uza.uz/upload/iblock/12b/ovun_pishdi_.jpg

Қовун пишди...

Сурхондарё вилоятида тилиги тилни ёрадиган қовун, таъми оғизда эрийдиган тарвуз ҳар йилгидан эрта пишиб, етилди.
Соҳибкорларнинг ҳалол меҳнати эвазига табиат инъом этган бундай ноз-неъматларни даланинг ўзида татиб кўриш ва парваришлаш усуллари билан танишишнинг ҳам гашти бўлакча бўлади. Шу кунларда Шеробод туманидаги “Шеробод Агро Импекс” масъулияти чекланган жамияти полиззорларида бўлган киши палагидан янги узилаётган қовунларни кўриб, кўзи қувнайди. Асалдек ширин ва мазаси оғизда эрийдиган неъматнинг эрта пишиш сирлари билан беихтиёр қизиқиб қолади.
Шерободлик соҳибкорлар эрта баҳорда 25 гектар майдонда хорижнинг мазаин ва дакара навли қовун кўчатларини ундириб олди. Кўчатларни меҳр билан парвариш қилиб, уларни синалган агротехник тадбирлар асосида озиқлантиришни йўлга қўйди. Қарийб икки ярим ой деганда қовунлар пишиб, етилди.
Соҳибкорларнинг айтишича, полиз маҳсулотларини етиштириш учун қулай иқлим ва унумдор тупроққа эга ҳудудда хориждан келтирилган қовун уруғлари тез униб чиқди. Маҳаллий иқлимга мослашиб, баравж ривожланди. Пишиб етилгач, мазаси ҳам кутилганидан ширин бўлди. Айни кунларда палакдан узиб олинаётган қовунлар маҳаллий бозорда сотиш ва хорижга экспорт қилиш учун сараланмоқда.
Инсоният жиддий синовларга дуч келган бу йилги шароитда ҳам омилкорлик билан меҳнат қилиб, сархил мева, полиз ва бошқа зироатлардан мўл ҳосил тўплаган воҳа соҳибкорлари пишиб, етилаётган сервитамин табиий меваларни бирин-кетин бозорга чиқариб, истеъмолчиларга етказиб бермоқда. Бу йил тут, ўрик, гилос, олча ва бошқа эрта пишган мевалар сафига қовун-тарвуз ҳам қўшилмоқда. Бозорлар расталарини янада обод, тўкин қилиб, дастурхонларимизга файз улашмоқда.

http://uza.uz/upload/medialibrary/c5d/05.jpg

Қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари етиштириш учун мўтаъдил иқлим, унумдор тупроқ ва микроэлиментларга бой оби-ҳаётга эга Сурхон воҳасида бугун яратилаётган қулай шароитлар деҳқончиликда замонавий хориж тажрибаларини қўллаб, эртачи, табиий мўл ҳосил етиштиришда муҳим омил бўлмоқда. Сўнгги йилларда эртаги қовун-тарвуз парваришлашнинг йўлга қўйилаётгани ҳам бунга яққол далилдир. Бундай имкониятдан оқилона фойдаланган Қумқўрғон туманидаги “Қумқўрғон агромакс” масъулияти чекланган жамияти миришкорлари 1,5 гектар майдонда “Долби” навли эртапишар тарвуз парваришлаб, салмоқли ҳосил тўплади. Икки ойдан кўпроқ вақт давомида тарвуз пишиб қолди. Дастлабки йилда 50 тоннадан ортиқ ҳосил олишни режалаштираётган соҳибкорлар маҳсулотнинг асосий қисмини хориждаги буюртмачиларига жўнатади.
Йўлимиз тушиб, шу куни Ангор туманидаги Юқори Таллимарон маҳалласида бўлганимизда Шерободда қовун, Қумқўрғонда тарвуз пишиб қолганини фуқаролар йиғини раиси Раҳмиддин Эшоновга айтиб бердик. Раис бува мийиғида кулиб, бизни далага бошлади.
– Бир замонлар бу ерларда етиштирилган қовун дунёда машҳур бўлган, – дейди Р.Эшонов. – Ота-боболаримизнинг айтишича, ўша даврда нафақат Россия балки, Францияга ҳам етказиб берилган. Маҳалламиздаги “Tanovar Surxоn” масъулияти чекланган жамияти миришкорлари ҳам бу йил қовун экиб, мўл ҳосил етиштирмоқда. Яқинда зироатшуносларини кўрганимда қовунлар тобга келмоқда, ҳа, демай палакдан узиб бошлаймиз, деган эди. Улар ҳам бир қисмини маҳаллий бозорда сотишни, бир қисмини Россия тарафларга экспорт қилишни мўлжаллаётган эди. Қаранг, дунё ҳам чархпалакдек, айланиб турар экан-да. Ўтмишда Европа тарафларга донғи кетган қовунларимиз йиллар ўтиши билан яна ўша тарафларга йўл олмоқда. Буларнинг барчаси кейинги йилларда мамлакатимизда ер эгаларининг эркин деҳқончилик қилиши учун яратилган қулай муҳит самарасидир.
Мароқли суҳбат билан 18 гектар майдонни эгаллаган қовунзорга етиб келдик. Хўжалик иш юритувчиси Мамаражаб Эгамбердиевнинг таъкидлашича, март ойининг охирларида экилган қовуннинг тўлиқ пишиб етилишига саноқли кунлар қолган. Сўнгги кунларда қуёш тафтининг ерни яхши қиздираётгани ҳосил пишиб етилишини янада тезлаштиради. Ердан оқилона фойдаланиб, йилига икки-уч марта ҳосил олишга хизмат қилади.

http://uza.uz/upload/medialibrary/3f8/07.jpg

Жорий йилда хўжалик соҳибкорлари ҳар гектар майдондан ўртача 60 тонна болдек ширин қовун йиғиб олишни мўлжаллаётир. Маҳаллий бозордан ортган қисмини хорижга экспорт қилишни режалаштирмоқда.
Ер эгалари мавжуд 76 гектар майдонда парваришланаётган зироатларни томчилатиб суғориш усулида суғормоқда. Бу сувдан тежаб фойдаланиш баробарида экинларни минерал ва маҳаллий ўғитлар билан полиэтилен қувурлар орқали тўйинтиришда муҳим аҳамият касб этмоқда. Зироатларнинг тез, сифатли пишиб етилишига кўмаклашаётир.
Ангор туманидаги “Tanovar Surxоn” масъулияти чекланган жамияти далаларидаги ҳосилдан беихтиёр қувондик. Соҳибкорлар билан қовунларимиз ширинлигининг сиру-синоатлари, полиз маҳсулотларини эрта пишириш ҳадислари ва мўл ҳосил олишда тупроқнинг аҳамияти каби мавзуларда қизғин суҳбат қилдик. Дунёнинг кўплаб давлатларида сервитамин, табиий озиқ-овқат маҳсулотлари тақчиллиги кузатилаётган йилда бозорларимиз тўкинлигини таъминлаш йўлида амалга оширилаётган ишлар самаралари билан яқиндан танишиб қайтдик. Йўлга чиқар эканмиз хўжалик иш юритувчиси М.Эгамбердиев бизни яқин кунларда ҳосил пишиб қоладиган кенг далага қовун сайлига таклиф этди.
Воҳада бошланаётган қовун сайли кеч кузгача давом этади. Синовли кунлар ортда қолгач, Сурхон воҳасининг бепоён полиззорларига келиб, сиз ҳам таъми оғизда қоладиган қовун-тарвузларни шу ернинг ўзида татиб кўринг. Танти, изланувчан, кўнгли очиқ соҳибкорлар билан дилдан суҳбат қуриб, улар етиштираётган маҳсулотлар сифати ва мазасига ўзингиз баҳо беринг.

http://uza.uz/include/img/tg-chan-oz.png
http://uza.uz/include/img/mistake-oz.png