Депутат 110 та хонадоннинг қарздорлигини бўйнига олди!
Президент халқнинг тарихий ва маънавий қадриятларини, меҳр-саховат, оқибат ва ҳиммат каби юксак фазилатларини инобатга олган ҳолда, “Саховат ва кўмак” умумхалқ ҳаракатини йўлга қўйиш ташаббусини илгари сурган эди. Унинг доирасида тадбиркорлар, йирик корхона, ташкилотлар ва ҳатто кўнгилли фуқаролар ўз имкониятларидан келиб чиқиб саховат амалларини бажардилар.
Ана шундай эзгу ишларга қўл урган депутатларнинг ҳам сафи кенгайиб бормоқда.
“Миллий тикланиш” партиясидан Олий Мажлис Қонунчилик палатасига сайланган депутат Жаҳонгир Абдурасулов Асака туманидаги 54 МФЙдаги 110 та кам таъминланган эҳтиёжманд хонадонларнинг электр энергияси учун тўланадиган солиқ тўловларини тўлаб берди.
Мажбурий ижро бюросининг Андижон вилоят бошқармаси, Асака туман бўлими бошлиғи Ш.Ҳамидовнинг маълумотига кўра МФЙлари раислари томонидан тақдим этилган рўйхат асосидан электр энергиядан қарздорлиги бўлган кам таъминланган оиланинг ҳар бирига 100 минг сўмдан, жами 11 000 000 сўм миқдоридаги маблағлар депутат томонидан тўлаб берилган.
“Миллий тикланиш” партияси депутатларидан жуда миннатдорман. Куни кеча туманимиз депутатлари озиқ-овқат, моддий ёрдам ташлаб кетишганди. Бугун эса Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги депутатлар қарздорлигимизни тўлаб беришди. Бу сафарги депутатларни танлашда адашмаган эканмиз. Тўғри овоз бериб, тўғри сайлов қилибмиз. Қийин вазиятда қарздорлигингни ўйлаб ҳам ҳаловатингни йўқотасан киши. Мадад қўлларини узатгани учун депутатимизга раҳмат. “Миллий тикланиш” партиясига ташаккур”, дейди Ниёзботир МФЙ, "Фарғона" кўчасида истиқомат қилувчи Қизлархоная Олимжонова.
Топганини қариндош-уруғ, қўни-қўшнилари билан баҳам кўрадиган қўли ва кўнгли очиқ халқимиз саховатли эканлиги билан ҳам ажралиб туради. Бу анъаналар эса халқимизнинг бой маънавий мероси, маданиятини ўзида акс эттиради.
Камола Абдувалиева, “Миллий тикланиш” партияси Андижон вилоят Кенгаши матбуот котиби