Янги таҳрирдаги “Шаҳарсозлик кодекси”да коррупцияга сабаб бўлувчи нормалар мавжуд
Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги “Адолат” СДП фракциясининг видеоконференция тарзидаги йиғилишида “Ўзбекистон Республикасининг Шаҳарсозлик кодексини тасдиқлаш ҳақида”ги қонуни лойиҳасининг иккинчи ўқишга тайёрланган матни депутатлар эътирозига сабаб бўлди.
Биринчидан, шаҳарсозлик фаолиятида фуқаролар ва жамоатчиликнинг иштироки масаласи етарлича очиб берилмаган.
Оқибатда: аксарият ҳудудлардаги “қизил чизиқ” масаласи кўплаб муаммоларни келтириб чиқармоқда. Ушбу атама доирасида олиб борилган ноқонуний ишлар фуқароларда давлатга нисбатан ишончсизлик кайфиятини туғдиргани кузатилиб турган айни кунларда, бу ҳолатнинг давом этишига туртки бўлади.
Иккинчидан, шаҳарсозлик фаолияти тўғрисидаги ахборотни излаш, олиш ва тарқатиш эркинлиги масалалари ҳам етарли даражада берилмаган. Соҳага оид электрон маълумотлар базаси мавжуд эмаслиги, очиқ ахборот порталидан фойдаланиш ва маълумотларнинг шаффофлигини таъминлаш масалалари лойиҳада ечимини топмаган.
Оқибатда: соҳага коррупциянинг аралашувига йўл очиши мумкин
Учинчидан, шаҳарсозлик ҳужжатига киритилаётган ўзгартиришларни жамоатчилик муҳокамасидан ўтказиш масаласи, ёки муҳокамадан ўтказиш зарурати бўлмаса ҳужжатларни кўриб чиқмаслик ҳолатлари очиб берилмаган.
Оқибатда: буюртмачи учун жамоатчилик манфаатига зид равишда турли объектларни қуришдан аввал жамоатчилик томонидан илгари сурилган фикрларни асослантирмаган ҳолда рад этиш имконини беради. Шу билан бирга жамоатчилик субъектлари ҳуқуқлари чекланишига олиб келиши мумкин.
Тўртинчидан, лойиҳада экспертизадан ўтказиш муддати кўрсатиб ўтилмаган.
Оқибатда: экспертиза жараёнини ихтиёрий муддатга ўтказиш учун шароит яратиб берилишига олиб келади. Натижада қурилиш муддати чўзилиши ва коррупциянинг келиб чиқиши замин яратилади.
Бешинчидан, аҳоли пунктининг бош режасини амалга ошириш муддати аниқ белгиланмаган.
Оқибатда: ривожланиш босқичларини амалга оширишда зиддиятларга олиб келади. Бу эса ҳудуднинг ривожланиши, инвестицияларни жалб этиш, аҳолини иш билан таъминлашда турли муаммолар юзага келишига сабаб бўлади.
Депутатлар мавжуд камчиликлар бўйича “Адолат” СДП фракциясининг таклифлари қонун лойиҳасида ўз аксини топиши лозимлигини таъкидлади.
“Адолат” СДП матбуот хизмати.