Андижонда инновацион технологиялар ёрдамида доривор ўсимликлар етиштирилади
Ўзбекистон Республикаси инновацион ривожланиш вазири Иброҳим Абдураҳмонов Андижон тажриба-кўргазма майдони қурилиш ишлари билан танишди.
Айни кунларда Андижон вилоятида тажриба-кўргазма майдони қурилиши давом этмоқда. И.Абдураҳмонов асосий бино қурилишини якунлаш, қайта ишлаш ва ишлаб чиқариш зонаси учун зарур техникаларни харид қилишда халқаро грантларни жалб қилиш зарурлигини таъкидлади.
Тажриба-кўргазма майдонининг умумий ҳудуди 9 гектар. Шундан 8 гектари экин майдони, 1 гектарда ишлаб чиқариш зонаси ташкил этилмоқда. Экин майдонида доривор ўсимликлар турларини кўпайтириш ва аҳоли томорқаларига кўчат етказиб бериш ҳамда уларнинг даромадини ошириш кўзда тутилмоқда.
Жумладан, бир йилда 20 тонна амарант дони, 1500 тонна озуқа ем, 16 тонна доривор ўсимликлар етиштириш режалаштирилган.
Лойиҳанинг умумий қиймати 19 миллиард сўмдан зиёд бўлиб, ундан 8,38 миллиард сўми Инновацион ривожланиш ва новаторлик ғояларини қўллаб-қувватлаш фонди, 11 миллиард сўми Жаҳон банки маблағларидир.
Тажриба-кўргазма майдонида инновацион технологиялар асосида доривор ўсимликлар етиштирилади ва қайта ишланади. Мазкур лойиҳа орқали аҳолини янги касбга ўргатиш, тажриба майдонида фермерлар, ёш олимлар, ихтирочилар учун маслаҳат маркази ташкил этиш, мини-технологиялар трансферини амалга ошириш ва одамларни ўз ўзини банд қилишига кўмаклашиш мўлжалланмоқда.