Заъфарон етиштирадиган қўшма корхона иш бошлади
Жиззах вилоятининг Бахмал туманида “BMB-OPERA ZAFFERANO” масъулияти чекланган жамияти шаклида Ўзбекистон-Италия қўшма корхонаси ташкил этилди. Ўзбекистоннинг “BMB TRADE GROUP” ва Италиянинг OPERA SRL компаниялари ҳамкорлигида таъсис этилган ушбу қўшма корхона доривор ўсимликлар кластери сифатида фаолият кўрсатади.
Яқинда давлат рўйхатидан ўтган “BMB-OPERA ZAFFERANO” қўшма корхонаси томонидан Бахмал тумани ҳудудида умумий қиймати 25 миллион евро миқдоридаги заъфарон етиштириш ва қайта ишлаш лойиҳаси амалга оширилади.
Заъфарон ўсимлиги қадимдан халқ табобатида кенг қўлланилгани ҳақида Абу Али ибн Синонинг “Тиб қонунлари” китобида маълумотлар келтирилган. Замонавий тиббиётда ҳам заъфароннинг 90 дан ортиқ касалликни даволашда қўлланиши маълум. Бундан ташқари, заъфарондан косметология, озиқ-овқат соҳаларида ҳам кенг фойдаланилади.
Мамлакатимизда заъфарон етиштиришни йўлга қўйиш бўйича ушбу лойиҳанинг амалга оширилиши фармацевтика корхоналарини маҳаллий хомашё билан таъминлашда, шунингдек, экспорт ҳажмини оширишда муҳим омил бўлиши кутилмоқда
Ўзбекистоннинг тупроқ иқлим шароити заъфарон етиштириш учун мос бўлиб, тадқиқот фирмалари хулосалари асосида лойиҳани амалга ошириш учун Бахмал тумани танлаб олинган.
Мазкур лойиҳани амалга ошириш учун туман ҳокимининг қарори билан ҳудуддан 400 гектар ер майдони ажратилган.
Яқинда ҳар иккала таъсисчи компания вакиллари ва туман ҳокимлиги томонидан жорий йилда заъфарон экиш учун ажратилган ер майдонларини тайёрлаш, далага борадиган йўлларини қуриш, ишлаб чиқариш майдонларига электр ва сув таъминоти тармоқларини етказиш, лойиҳага мувофиқ бошқа қўшимча иншоотлар бўйича амалга ошириладиган ишлар белгилаб олинди.
– Президентимиз томонидан доривор ўсимликлар кластерларини тузиш бўйича белгилаб берган вазифалар ушбу янги лойиҳани амалга оширишга Ўзбекистоннинг Италиядаги элчихонаси, Ўзбекистон Республикаси Қишлоқ ва сув хўжалиги вазирлиги, Ўзбекистон Савдо-саноат палатаси, Жиззах вилояти ҳокимлиги ҳар томонлама кўмак ва ёрдам кўрсатмоқда, – дейди Бахмал тумани ҳокими Мусо Анорбоев. – Тўғридан-тўғри инвестицияни киритиш орқали амалга оширилаётган лойиҳа вилоятнинг иқтисодий салоҳиятини оширишда муҳим аҳамиятга эга бўлади. Лойиҳа доирасида кластер ташкил этилиши ҳудуддаги фермер хўжаликлари фаолиятини кенгайтиришга ҳам янги имкониятлар яратади.
Лойиҳага хорижий ва маҳаллий малакали аграном, технологлар жалб этилмоқда. Ерни экишга тайёрлаш ишлари июнь ойидан бошланиб, август ойида заъфарон экилиши, илк ҳосил октябрь-ноябрь ойларида териб олиниши режалаштирилган. Заъфарон туганак пиёзлари Италиядан келтирилади. Плантациялар тўлиқ Италия технологиялари асосида яратилади.
Қўшма корхона таркибида илмий-инновацион лаборатория, машина-трактор парклари яратилиши ҳам кўзда тутилган.
Лойиҳанинг амалга оширилиши натижасида 800 та доимий, 20 мингга яқин мавсумий ишчи ўрни яратилиши кутилмоқда.