Kun.uz | Расмий канал
Лукашенко пандемияни ўз президентлик даврининг энг оғир дамлари деб атади
Беларусь президенти Александр Лукашенко коронавирус пандемияси билан боғлиқ ҳозирги даврни ўз президентлик даврининг энг оғир дамларидан бири деб атади ва ҳаттоки президент лавозимидаги илк йилларга қиёслади.
“Президентлик давримдаги энг оғир дамлар. Энг оғирларидан бири – бу аниқ. Виктор Шейман [Беларусь президенти ишлари бошқарувчиси] мамлакатда нон ва халқни боқиш учун умуман ҳеч нарса бўлмаган вақтларни яхши эслайди. Мен кўпинча бир воқеани мисол қилиб кўрсатаман: 1994 йилда Минскда нон ёпиш учун бор-йўғи 3 кунлик ун қолганди. Бу ҳақиқатан ҳам даҳшатли вақтлар эди. Бундан қандай чиқиб кетдик..., менимча, Тангри ёрдамигина билан”, деб айтган Лукашенко.
Унинг таъкидлашича, ҳозирги даврни нафақат коронавирус пандемияси, балки барча томондан бу вазиятда кучли босим ўтказилгани сабабли оғир деб ҳисоблайди. “Бунга бардош бериш керак эди. Одамлар ахир турфа. Барчаси маълум – бизда қаттиққўл ҳокимият, президент айтдими – ҳаммаси қилинади, бажарилади. Шунга қарамай, биз ҳеч нарсани тақиқламадик. Биз шунчаки одамларни асрадик, уларни даволадик ва ҳоказо. Шу сабабли, одамлар ўзини турлича тутди, бироқ умуман олганда ёмон эмас. Бироқ шунга қарамай, босим жуда жиддий бўлди”, деб қўшимча қилган Беларусь раҳбари.
Лукашенконинг айтишича, Беларусь муайян ҳолатлар ва коронавирусга қарши курашишда танлаган йўллари сабабли дунёда бундай ёндашувга эга ва муайян натижаларга эришган ягона давлат бўлди. Таъкидлаб ўтиш жоиз, Лукашенко республикада коронавирус тарқалишига қарши чекловлар киритишдан бош тортганди. “Бу эса кимдадир шубҳа ва беларуслар қандай қилиб бу босқични бир ўзлари ўта олдилар деган саволларни уйғотмаслиги мумкин эмас. Мен бу босқич якунланди демаяпман. Мен умуман бу ойлар ичида иримчи бўлиб қолдим”, деб қўшимча қилган Беларусь президенти.