Жасурбек Жалолиддинов: "Миллий терма жамоа либосини кийиш – ҳар бир футболчи учун шараф"
Хабарингиз бор, Ўзбекистон миллий терма жамоаси 2020 йилда Жаҳон чемпионати саралаши доирасида 3 та жуда муҳим ўйин ўтказади.
Навбатдаги учрашувда Вадим Абрамов шогирдлари 31 март куни Яман меҳмони бўлишади. Ушбу ўйинга жиддий ҳозирлик олиб бориш мақсадида терма жамоамиз 18-24 февраль кунлари БААда йиғин ташкил этади. Мазкур йиғин доирасида 23 февраль куни Беларусь терма жамоаси билан ўртоқлик учрашувида майдонга тушилади.
Ушбу йиғинда “Бунёдкор” жамоасининг 17 ёшли иқтидорли ярим ҳимоячиси Жасурбек Жалолиддинов ҳам иштирок этади. Ёш истеъдод эгаси миллий жамоадан чақирув олганидан мамнун эканини айтиб ўтди:
– Миллий терма жамоа либосини кийиш, мамлакат бош жамоаси сафида тўп суриш – ҳар бир футболчи учун шараф саналади. Мен ҳам ёшликдан Ўзбекистон миллий терма жамоаси аъзоси бўлишни орзу қилганман. Бу орзум амалга ошаётганидан беҳад мамнунман.
“Бунёдкор” жамоаси таркибида Рустам Aшурматов, Элдор Шомуродов каби ўйинчиларнинг ёш бўлса-да миллий терма жамоада ўйнашларини кузатиб, уларга ҳамиша ҳавас қилганман. Менинг ҳам миллий жамоадан чақирув олишимда жамоадошларимнинг ва мураббийларнинг хиссаси катта.
Энди билдирилаётган ишончни оқлаш учун бор маҳоратни ишга солиш, машғулотларда ҳам, ўйин давомида ҳам майдонда қаттиқ тер тўкиш лозим бўлади, – деди ёш футболчи.
Манба : ufa.uz