Умар ибн Абдулазизнинг камтарлиги
by «Солиҳлар гулшани» китобиданБисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.
Авзоийдан ривоят қилинади: «Умар ибн Абдулазиз ҳар куни ўз мол-мулкидан мусулмонлар таоми учун бир дирҳам ажратар, сўнгра ўзлари ҳам улар билан бирга ер эдилар. Зиммийларнинг[1] олдига борсалар, улар у зотга сут, ўсимликлар ва шунга ўхшаган маҳсулотлардан ўзлари тайёрлаган таомлардан беришарди. Умар ибн Абдулазиз зиммийларга улар берган таомдан ҳам кўпроқ таом берар ва улар билан бирга қўшилиб ер эдилар. Агар зиммийлар у зот берган нарсаларни қабул қилишмаса, ўзлари ҳам ундан емас эдилар. Бироқ мусулмонлар бирон нарса берса, уни зинҳор қабул қилмасдилар.
«Солиҳлар гулшани» китобидан
[1] Мусулмонлар яшайдиган ҳудудда жони омонда бўлиши учун солиқ тўлаб яшайдиган бошқа дин вакиллари. Зиммийлар мусулмон давлатнинг ҳимоясида бўлишган.