Kun.uz | Расмий канал

Ҳукмдорларнинг ғайриоддий севимли машғулотлари

Кўпчилик шоҳ ёки малика бўлишни орзу қилади-ю, бу қандай қийин вазифа эканлиги ҳақида ўйлаб ҳам кўрмайди.

Кўзга ташланадиган афзалликлар — бойлик ва ҳокимият мавжуд бўлишига қарамай, уларга эгалик қилувчи одам мутлақ эркин эмас. У доимий кузатувда бўлади ва минглаб одамлар танқид қилишади. Унинг кун тартиби кўплаб маросимлар ва вазифалардан келиб чиқиб белгиланади. Бундан ташқари, ҳақиқатан ҳам мамлакатни бошқариш, одамларнинг тақдири боғлиқ бўлган сиёсий ва иқтисодий қарорлар қабул қилиниши керак. Баъзи подшоҳлар буни яхши уддалашган, баъзилари ёмонроқ, аммо ҳеч ким бу фаолият стресс билан тўла эканлигини инкор этмаган. Уларни енгиш учун ҳар кимнинг ўз йўли бор эди. Очиғини айтганда, баъзи шоҳлар ғалати севимли машғулотларга эга бўлган. 

Эдвард II ер қазишни ва балиқ овлашни яхши кўрган

https://storage.kun.uz/source/4/9YwkHg0h0yMF1iM4hjbhNyzjmsMsQpO3.jpg

Плантагенетлар сулоласи вакили, 1307-1327 йилларда Англияда ҳукмронлик қилган бу қиролни замондошлари узун бўйли ва хушбичим, чиройли жигарранг сочлари елкасига тушиб турган одам деб таърифлашган. У агар истаса, харизматик бўлиши ва парламентда қизғин нутқ сўзлаши мумкин эди. Барча маърифатли монархлар сингари у ҳам санъат, мусиқа ва фанга қизиқиши керак эди, лекин Эдвард амалиётчи инсон эди, спорт билан шуғулланишни ва ариқлар қазишни яхши кўрарди. 

Кўпчилик уни сиёсий машғулотлар ўрнига, қармоқни олиб, деҳқонлар билан бирга овга боришни одат қилгани учун уни танқид қилган. Эдвардга иншоотлар қурилишини томоша қилиш ёққан. Бу каби турмуш тарзи аъёнларни ғазаблантирган. Қиролнинг бундай «қолоқ» овунчоқлар билан шуғулланишига нафрат билан қарашган. Баронлар доимий равишда унинг ҳуқуқларини чеклашга уринишади. 20 йиллик бошқарув тўлиғича суд ва парламентга нисбатан қарама-қаршиликлар билан тавсифланади. 
Охир оқибат, у фуқаролик урушида ғалаба қозонади ва хотини ҳамда инглиз рицари Рожер Мортимер томонидан ағдарилгунга қадар мамлакатни қаттиққўллик билан бошқарди. 

Абдулҳамид II ёғоч ўймакорлигига қизиққан

https://storage.kun.uz/source/4/fUY0vEq8EC58zCGFspRM2Sv4J3ZK-LN3.jpg

Усмонийлар империяси меросхўр монархлари ҳақиқий сиёсий кучга эга бўлган сўнгги қудратли империялардан бири эди. Сулоланинг сўнгги вакили бўлган султон 1909 йилда давлат тўнтариши билан ағдарилган Абдулҳамид II эди. Унинг сиёсати зиддиятли бўлган. Ҳукмронлигининг дастлабки даврида у мамлакатни ислоҳ қилишга уриниб кўради, кейинги йилларда парламентни тарқатиб юборади ва консерватив қарашларга содиқ қолади. Унинг қизи мемуарларида отасининг тунлари мутолаа қилишни севгани ва уйқусизликдан азият чеккани ёзиб қолдирилган. 

Аммо унинг энг яхши кўрган иши дурадгорлик эди, бу унга дам олишга ва чарчоқни кетказишга ёрдам берган. Абдулҳамид II оиласи фойдаланган мебелнинг бир қисмини ўзи ясаган. 

Бундан ташқари, султон детективларнинг катта ишқибози эди. У Шерлок Ҳолмс саргузаштларини турк тилига таржима қилинишидан анча аввал ўқиб тугатган. Сарой котиби ўз султони учун асарни махсус таржима қилган ва китоб шаклида кўчириб берган эди. Сэр Артур Конан Дойл ва унинг рафиқаси Туркияга келганида, султон уни адабиётдаги ютуқлари учун «Мажидий» ордени билан мукофотлаган.

Норвегия қироли Олав Трюггвасон пичоқ билан жонглёрлик қилган

https://storage.kun.uz/source/4/3VgxVBBTlYmfAkE9JK2C70eG1jX1yruk.jpg

Викинглар жуда жанговар халқ эди. Гарчи улар замонавий телесериалларда кўрсатилгани каби тез-тез босқинлар уюштирмаган бўлсалар ҳам, кўплаб севимли машғулотлари ҳақиқий жангга тайёргарлик кўришга асосланган эди. Сузиш ва кураш айниқса машҳур бўлган. 

Муваффақиятли ҳукмдор бўлиш учун викинглар вакили фавқулодда куч ва эпчилликка эга бўлиши керак эди. Викинг қироллари ва уларнинг спортдаги ютуқлари ҳақида кўплаб ҳикоялар мавжуд, аммо Олав Трюггвасон ҳақидаги достон жуда таъсирли. Унинг бир нечта ғайриоддий севимли машғулотлари бор эди: масалан, у яхши альпинист бўлган, Скандинавиядаги Смальсархорнга осонгина кўтарилиб, қалқонини тепага ўрнатган. Қўшимчасига денгизда «эшкак эшиб юрган». Аммо энг қизиқарлиси бу эмасди. Қирол учта пичоқ билан жонглёрлик қилишни уддаларди. Бир пичоқ ҳавода бўлганида, у қолганларининг дастагидан ушларди. Бу маҳорат жангда кўп ёрдам берган. 

Людовик XVI слесарликка қизиққан

https://storage.kun.uz/source/4/C_jINQYJ8LOMiY-38Z-nA4QfiHJQ-bBb.jpg

Людовик XVI (1774 — 1791) бугунги кунда кўп тилга олинади: у инқилоб пайтида бошидан жудо бўлган ягона француз монархи эди, у Британияга қарши урушда Америка мустамлакачиларини қўллаб-қувватлаган.

Шахсий ҳаётда Людовик XVI жуда яхши инсон бўлган. У фанларга, айниқса муҳандисликка қизиққан. Франция флотини шахсан текширган. Ҳеч қачон хотинига (Мария-Антуанетта) хиёнат қилмаган. Камбағаллар аҳволи ҳақида ташвишланиб, нон нархини туширишга ҳаракат қилган. 

Бироқ, у ҳам ўз қизиқишига эга эди — слесарлик. У ҳар бир одам қандайдир қўл меҳнати билан шуғулланиши керак,  деб ҳисоблаган. Албатта, унинг атрофидагиларга бу қирол учун кераксиз машғулот бўлиб кўринади. Қирол эса ўзининг севимли ишини ёпиқ эшиклар ортида давом эттиришни маъқул кўради. Унинг кутубхонасида дастгоҳ ўрнатилганди. Лекин сир ошкор бўлади ва Людовик газеталарда мазах қилинади. 

Пётр Биринчи тиббиётни севган

https://storage.kun.uz/source/4/XOM2dolbrDDuE6K56GvQBp-TLft9GLCX.jpg

Пётр Биринчи тиббиётга нисбатан алоҳида меҳр билан қараган. Хусусан, стоматологияга. Бу қизиқишни у Лейден университетида орттирган. У ерда Пётрга жарроҳлик амалиётлари ўтказишни, яраларни очиш, жароҳатларни тикишни ўргатишган. Замондошларининг эслашича, император тишларни даволашга шунчалик киришиб кетганки, бу қобилиятини нафақат атрофидагиларда, балки оддий фуқароларда ҳам синаб кўрмоқчи бўлган.