Kun.uz | Расмий канал
Мактаб ўқувчилари ўртасида шахмат бўйича республика чемпионати ғолиблари аниқланди
Халқ таълими вазирлиги тизимидаги умумтаълим мактаблари ўқувчилари ўртасида спортнинг шахмат туридан Республика чемпионати ғолиблари аниқланди.
Ўзбекистон Республикаси Халқ таълими вазирлиги ҳамда Ўзбекистон «Ёшлик» жисмоний тарбия ва спорт жамияти Марказий кенгаши билан ҳамкорликда умумтаълим мактаблари ўқувчилари ўртасида мунтазам равишда спорт тадбирлари ўтказиб келмоқда.
Жумладан, бир неча йиллардан буён Халқ таълими вазирлиги тизимидаги умумтаълим мактаблари ўқувчилари ўртасида мувофақиятли ўтказилиб келинаётган шахмат спорт мусобақасини мисол қилишимиз мумкин.
Халқ таълими вазирлигининг 2019 йил 26 апрелдаги 141-сонли буйруғи асосида жорий йил мобайнида мусобақанинг тўрт босқичида (мактаб, туман (шаҳар), Қорақалпоғистон Республикаси, Тошкент шаҳар ва вилоят) шахмат мусобақаси бўйича жами 800734 нафар (шундан 389341 нафари қизлар) шунингдек, вазирлик тасарруфидаги ихтисослаштирилган давлат умумтаълим мактабларининг 454 нафар (шундан 226 нфафари қизлар) ўқувчи-ёшлар иштирок этди.
Мусобақанинг Республика финал босқичи жорий йилнинг 25 ноябрь – 5 декабрь кунлари Тошкент шаҳри Олмазор туманининг 102-сонли Заиф эшитувчи болалар махсус мактаб интернати мезбонлик қилди. Мазкур мусобақага эса энг иқтидорли 6 та (7, 9, 11, 13, 15 ва 17 ёшгача бўлган ўқувчилар) ёш тоифаси бўйича жами 180 нафар ўқувчи-ёшлар етиб келишди. Ушбу қизиқарли ва муросасиз кечган баҳсларда умумжамоа ҳисобида:
- 1-ўринни Тошкент шаҳри;
- 2-ўринни Тошкент вилояти;
- 3-ўринни Самарқанд вилояти жамоалари қўлга киритди.
Мусобақаларда ғолиб ва совриндор бўлган ўқувчи-ёшлар, жамоалар Ўзбекистон «Ёшлик» жисмоний тарбия ва спорт жамияти Марказий кенгаши томонидан диплом, медаль, кубок ва қимматбаҳо эсдалик совғалари билан тақдирланди.
Ўзбекистон «Ёшлик» ЖТСЖ Марказий кенгаши матбуот хизмати