Kun.uz | Расмий канал
Финляндиялик аёл дунёдаги энг ёш бош вазирга айланиш арафасида
Санна Марин / Фото: Anadolu Agency/Anadolu Agency via Getty Images
Финляндия транспорт вазири Санна Марин 34 ёшида мамлакат бош вазири бўлиши кутилмоқда.
BBC хабарига кўра, сиёсатчи жорий ҳафта қасамёд қабул қилиб, дунёдаги энг ёш бош вазирга айланиши мумкин.
Мариннинг номзодини унинг ўз партияси бўлмиш социал-демократлар ҳукумат раҳбарлигига илгари сурган. У истеъфога чиққан бош вазир Антти Ринненинг ўрнини эгаллайди.
Якшанба куни Санна Марин партиялар раҳбарлари ўртасида ўтказилган овоз беришда энг кўп овоз йиғди, амалдаги ҳукумат раҳбари Ринне иккинчи ўринни олди.
2015 йилдан буён Финляндия парламенти аъзоси бўлиб келаётган сиёсатчи 5 нафар аёл раҳбарлигидаги 5та партиядан иборат коалицияга раҳбарлик қилади.
Қайд этиш жоиз, Финляндияда ҳукумат алмашинуви мамлакат учун бироз ноқулай вақтда рўй бермоқда: расмий Ҳельсинки йил охирига қадар Европа Иттифоқига раислик қилади ва Европа ҳамжамиятининг янги бюджети ишлаб чиқилишида марказий роль ўйнайди.
Санна Марин бир неча куни ичида бош вазир лавозимига тасдиқланиши кутилмоқда: у 12 декабрь куни Брюсселда бўлиб ўтадиган ЕИ лидерлари саммитида Финляндия номидан қатнашиши керак.
Марин пойтахт Ҳельсинкида туғилган бўлиб, Тампере университетида сиёсий фанлар бакалаври даражасини олган, 27 ёшида шу шаҳар кенгаши раисига айланган. Шундан сўнг у социал-демократлар партиясига аъзо бўлиб, партия раисининг биринчи ўринбосари даражасига кўтарилган. У 2015 йилги сайловда парламентдан жой олиб, 2019 йил июнида транспорт вазири этиб тайинланган эди.
Финляндиядаги энг йирик нашр – Helsingin Sanomat газетасига кўра, Марин ушбу мамлакат ҳукуматини бошқарадиган учинчи аёл бўлади.
Шу билан бирга, сиёсатчи дунёдаги энг ёш бош вазирга ҳам айланади. Айни пайтда бу мақом Украинанинг 35 ёшли бош вазири Алексей Гончарукка тегишли. КХДР давлат кенгаши раиси Ким Чен Ин ҳам 35 ёшда экани айтилади. Янги Зеландия ҳукумати раҳбари Жасинда Ардерн эса 39 ёшда.