Kun.uz | Расмий канал
Ўзбекистон ва Хитой: ҳарбий матбуот ҳамкорлиги истиқболлари ўрганилди
Фото: Мудофаа вазирлиги матбуот хизмати
Ўзбекистон Республикаси Мудофаа вазирлиги Ахборот ва оммавий коммуникациялар департаменти бошлиғи подполковник Баҳром Зулфиқоров раҳбарлигидаги ҳарбий делегация Хитой Халқ Республикасида хизмат сафарида бўлиб қайтди.
Бундан асосий мақсад дунёнинг ривожланган давлатидаги ҳарбий матбуот фаолиятини ўрганиш ва ўзаро тажриба алмашиш бўлди.
Сафар давомида делегация аъзолари Хитой Халқ Республикаси Мудофаа вазирлиги халқаро ҳарбий ҳамкорлик канцелярияси бошлиғи генерал-майор Цы Говэй, мудофаа вазирининг матбуот котиби – вазирлик ахборот департаменти бошлиғи катта полковник У Цянь билан учрашувлар ўтказишди.
Хитой Мудофаа вазирлигида ўтган тадбирлар давомида икки мамлакат мудофаа идоралари орасидаги ҳарбий ҳамкорликнинг бугунги ҳолати, шунингдек, ахборот соҳасида амалга оширилаётган ишлар, уларнинг ўзига хос, ўхшаш ва фарқли жиҳатлари, медиа маҳсулотларини тайёрлаш жараёнлари ҳақида фикр алмашинди. Шунингдек, ахборот департаментлари ўртасида ҳамкорлик алоқаларини ўрнатишга оид истиқболли йўналишлар муҳокама қилинди.
Ўзбекистон ҳарбий делегацияси Хитой Халқ Республикаси ҳарбий матбуоти фаолияти билан яхшироқ танишиш мақсадида Хитой Халқ-озодлик армияси оммавмий ахборот воситалари марказининг телерадиоэшиттиришлар бўлимида бўлди. Меҳмонларга марказнинг техник имкониятлари намойиш этилди.
Дунёнинг машҳур ва бой тарихига эга нашрлардан бири “Jenmin jibao” газетасидир. Ўзбекистонлик ҳарбийлар Хитой Компартияси Марказий Қўмитасининг нашри ҳисобланувчи ушбу газета таҳририятига ҳам таклиф этилди. Таҳририятнинг сиёсат бўлими бошлиғи ва ҳарбий-ватанпарварлик йўналишига ихтисослашган мухбирлар билан суҳбатда материалларни босма ва электрон кўринишдаги газетага чоп этиш жараёнлари ҳақидаги маълумотлар етказилди.
Хитой халқ университетининг журналистика факультетига ташриф эса ҳарбий матбуот соҳасида кадрлар тайёрлаш бўйича тажриба алмашиш учун муҳим аҳамият касб этди.
Тўлқин ЖУМАНАЗАРОВ, Мудофаа вазирлиги Ахборот ва оммавий
коммуникациялар департаменти