Kun.uz | Расмий канал

Zagros Airlines «Теҳрон-Тошкент» йўналишида илк парвозни амалга оширди

https://storage.kun.uz/source/4/eJB3zFG7OnJt_d9wBV4R6mk7KYvwPxML.jpg

Бугун, 9 декабрь куни, Ислом Каримов номидаги Тошкент халқаро аэропортида “Теҳрон-Тошкент-Теҳрон” йўналишида илк парвозни амалга оширган Zagros Airlines авиакомпанияси рейсини кутиб олиш маросими бўлиб ўтди.  

Транспорт вазирлиги хабарига кўра, Эрон авиакомпанияси Airbus A320-214 EP-ZAT ҳаво кемасида “Теҳрон-Тошкент” йўналишида илк парвозни амалга оширди. Шу тариқа, Ўзбекистон ва Эрон ўртасидаги мунтазам парвозлар расман тикланди.

https://storage.kun.uz/source/4/dnpDcOQqj9Xto9CMEw6BIHJAVTIDWagl.jpg

 
Дастлабки босқичда Zagros Airlines авиакомпанияси мазкур йўналишда парвозларни ҳафтасига бир марта бажаради. Кейинчалик парвозлар мунтазамлиги ҳафтасига икки мартага етказилиши режалаштирилган.

Ўзбекистон Республикаси ва Эрон Ислом Республикаси ўртасида мунтазам парвозларнинг тикланиши икки мамлакат ўртасидаги савдо-иқтисодий, маданий-гуманитар ва сайёҳлик соҳаларидаги ҳамкорликни янада ривожлантиришга туртки беради, дейилади маълумотда.

https://storage.kun.uz/source/4/rjAIR6buaS40B0ctcJc1WjkSso218Lx-.jpg

Бундан олдин, Ўзбекистон ва Эрон ўртасида мунтазам парвозлар расман тикланиши хабар қилинганди.