Kun.uz | Расмий канал
Чегарада Ўзбекистон ҳарбийлари ва Қирғизистон фуқаролари ўртасида баҳсли ҳолат келиб чиқди
Ола-Буқа тумани/Фото: turmush.kg
Чегараолди ҳудуддаги вазият тинч, деб баҳоланмоқда. Бу ҳақда Ола-Буқа тумани ҳокими Эмил Абдуқодиров хабар берди.
Унинг сўзларига кўра, Ўзбекистон Чегара қўшинлари ҳарбий хизматчилари кирган ҳудуд давлат чегарасининг аниқ белгиланмаган қисми ҳисобланади, деб ёзмоқда «Турмуш».
7 декабрь куни Қирғизистон Республикасининг Кўк-Тош қишлоқ округи Чон-Сой қишлоғи яқинидаги давлат чегарасининг белгиланмаган қисмида қирғиз қишлоғи аҳолиси қўшни давлатнинг ҳарбий хизматчилари билан учрашди.
«Учрашувда Ўзбекистон ҳарбий хизматчилари ушбу ҳудудда ноқонуний равишда бўлиб тургани маълум қилиниб, видеога олинди. Ҳозир вазият тинч. Менинг ўринбосарим ва тегишли тузилмалар вакиллари воқеа жойида ишламоқда. Икки томонлама учрашув 10 декабрга мўлжалланган. Бугунги кунга келиб, Ола-Буқа туманида Ўзбекистон билан чегарадаги 4та белгиланмаган участка мавжуд. Ушбу участкаларнинг узунлиги 50 км.дан ошади. Бу бўйича давлат комиссияси иш олиб бормоқда», - деди ҳоким.
Чон-Сой қишлоғида 600дан ортиқ киши истиқомат қилади.
8 декабрь куни Қирғизистон Давлат чегара хизмати 7 декабрь куни Қирғизистон-Ўзбекистон чегарасида ўзбекистонлик ҳарбий хизматчиларнинг Қирғизистон ҳудудига ноқонуний кириши қайд этилмагани тўғрисида хабар тарқатди.
Жалолобод вилояти, Ола-Буқа тумани, Кўк-Тош қишлоқ округидаги Оқ-Курча ҳудудида давлат чегарасининг шартли чизиғи яқинида Қирғизистон фуқаросига тегишли қорамол ўтлаб юрган. Ўтлаш чоғида қорамол Ўзбекистон ҳудудига ўтиб кетган.
«Икки давлат чегара идоралари ўртасидаги келишувга биноан, қўшни давлат ҳудудига қорамол ўтиб кетса, чегарачилар уни ортига ҳайдаб чиқаришади. Шу сабабли, ўзбек чегарачилари наряди Қирғизистон ҳудудига қорамолни ҳайдаш учун шартли чегара чизиғига етиб келди. Аммо, Ўзбекистон ҳарбий хизматчилари ва Қирғизистон фуқаролари ўртасида баҳсли ҳолат келиб чиқди», - дейилади хабарда.
Воқеа жойига етиб келган Қирғизистон чегара наряди Ўзбекистон чегарачилари билан музокаралар ўтказди. Можароли ҳолатга ечим топилган.
Айни пайтда Қирғизистон-Ўзбекистон давлат чегарасида вазият барқарор экани айтилади.