Kun.uz | Расмий канал

Россиядаги колонияда педофилия учун судланган ўзбекистонлик «Нива» тагида қолиб ўлди

https://storage.kun.uz/source/4/Eq4vEjzER_OWtXPyhgbjlvmEUkn6asQJ.jpg

Фото: РИА Новости / Алексей Куденко

Москвада оддий ишчи бўлиб ишлаган ҳамда жинсий характердаги зўравонлик ҳаракатлари учун судланган Ўзбекистон фуқароси умумий режимдаги колониянинг автоустахонасида ҳалок бўлди. 

Маълумотларга кўра, у «Нива» русумли машинанинг босиб қолиши туфайли ҳалок бўлган. Шу билан бирга, ўзбекистонлик эркакнинг ўзи машина тагига ётгани айтилади. Сир эмаски, жазони ижро этиш муассасаларида бундай жиноятларни содир этган маҳкумларга нисбатан ёмон муносабатда бўлишади.

Воқеага гувоҳ бўлган маҳкумларнинг терговчиларга маълум қилишича, Москвада ишлаб келган ўзбекистонлик эркакнинг ўзи негадир таъмирланаётган машина тагига ётган ва унинг пастки қисмини текшира бошлаган. «ГлавМедиа» Telegram каналига кўра, айнан ўша пайтда машина қандайдир тарзда пастга қулаб тушган.

Колония маъмуриятининг дастлабки версиясига кўра, воқеа автоустахонада хавфсизлик қоидалари бузилиши билан боғлиқ бахтсиз ҳодиса туфайли юз берган.

Қайд этилишича, 20 ёшли Ўзбекистон фуқароси Москвада ишлаган пайтида 13 ёшли қизни зўрлаган. Жабрланувчининг онаси ушбу ҳолат юзасидан полицияга мурожаат қилган.