Kun.uz | Расмий канал

«Бу унинг ҳаётидаги энг мураккаб давр эди». Россиялик депутат Виталий Милонов ўзбекистонлик қизчани асраб олди

https://storage.kun.uz/source/4/EMDhsJ8FMU9PoW97mpLfxjRO195fidSk.jpg

Фото: Видеодан кадр

Россия Федерацияси Давлат думаси депутати Виталий Милонов ўзбекистонлик аёл дунёга келтирган қизчани асраб олди. Бу ҳақда 360tv хабар бермоқда.

Онаси Евдокия исмли қизчани туғилганидан сўнг саккиз соат ўтиб Санкт-Петербургдаги хиёбонда жойлашган ўриндиққа ташлаб кетган. Бу ҳақда «НТВ» телеканалида эфирга узатилган кўрсатувнинг янги сонида маълум бўлди.

Кўрсатув бошловчиси депутат Милоновдан асраб олган қиз фарзанди қаерда туғилгани билан қизиқди. Бироқ, телеканалга меҳмонга келган депутат «қизчанинг ҳаётидаги энг мураккаб давр» ҳақида очиқчасига гапиришдан бош тортди. Шунга қарамай, бола ҳақидаги лавҳа студиянинг ўзида намойиш этилди.

Маълум бўлишича, онаси Евдокияни туғилганидан саккиз соат ўтгач, хиёбондаги ўриндиққа ташлаб кетган. Милонов бу ҳақда янгиликлардан хабар топган ва қизчани асраб олиб, унга ўз фамилиясини берган. Ҳозир қизча беш ёшда экани айтилади.

Боланинг онаси - Ўзбекистон фуқароси, у кафеда қоровул бўлиб ишлаган. Аёл ҳомиладор эканини ҳамкасбларига айтмаган. Бу ҳақда ҳеч ким ўйламаган ҳам - аёл тўлиқдан келган бўлган. Унинг кўзи ёриши бошланганда, ҳожатхонага кирган ва ўша ерда қиз фарзандни дунёга келтирган. Сўнг чақалоқ билан саккиз соат давомида жамоат транспортида юрган. Кейин ўзбекистонлик аёл боласини хиёбонда қолдирган ҳамда яна ишга чиққан.

Телекўрсатув эфирида Милоновнинг асраб олинган қизи ҳам кўрсатилди. У гимнастика билан шуғулланиши ҳақида гапириб берган. Қизча ҳар куни уйда «Москвадаги ишда ишлайдиган, кейин самолётга ўтирадиган ва уйга қайтиб келадиган» дадасини кутишини айтди. Евдокия қор бободан қандай совға кутаётганини ҳам ошкор қилди - қўғирчоқлар уйи.

Депутат Милонов олти нафар фарзандни тарбиялаяпти: ўзининг Марта, Пелагея исмли қизлари ва ўғли Николай, шунингдек, асраб олинган Пётр, Илья ҳамда Евдокия.