Kun.uz | Расмий канал
Алишер Усмонов WADA’дан россиялик спортчиларни жазоламасликни сўради
Фото: Михаил Климентьев/ТАСС
Россиялик миллиардер, Халқаро қиличбозлик федерацияси президенти Алишер Усмонов Бутунжаҳон антидопинг агентлиги (WADA) раҳбари Крейг Риди ва Халқаро олимпия қўмитаси (ХОҚ) президенти Томас Бахга хат билан чиқди. Унда тадбиркор барча россиялик спортчиларга Россия байроғи остида халқаро мусобақаларда қатнашиш тақиқланиши мумкинлигини қоралади.
«Интерфакс» томонидан келтирилган мактуб матнида айтилишича, Усмонов антидопинг қоидаларини бузганларга қарши «энг жиддий санкциялар» талаб қилади. Аммо, у россиялик спортчилар халқаро мусобақаларда қатнашишдан четлатилиши мумкинлигини адолатсиз, деб ҳисоблайди. Миллиардернинг сўзларига кўра, Россия байроғи остида баҳсларда иштирок этишга тақиқ қўйиш навбатдаги камситиш ҳолатига айланади.
«Допингга қарши шафқатсиз кураш қасос олишга айланмаслиги ва худди шу ҳуқуқбузарлик учун янги санкциялар қўлланилишига олиб келиши керак эмас», - деб ҳисоблайди Усмонов.
Айбдорларнинг жазоланиши айби бўлмаганларнинг ҳам таъқибга учрашига олиб келмаслиги лозим, дея таъкидлаб ўтди Усмонов. У WADA ва ХОҚни россиялик ҳалол спортчиларга халқаро мусобақаларда «камситиш ва асоссиз чекловларсиз» иштирок этишни давом эттиришга рухсат беришга чақирди.
Эслатиб ўтамиз, россиялик спортчилар 4 йилга йирик халқаро мусобақалардан четлатилиши мумкин: Мувофиқлик қўмитаси WADA’га шундай тавсия берган.
Агентлик баёнотига кўра, бунга Россия томонидан навбатдаги допинг қоидабузарликларига йўл қўйилиши сабаб бўлди. Гап Москва аксилдопинг лабораторияси маълумотлари сохталаштирилиши ҳақида бормоқда.
Агар тавсиялар бажарилса, россиялик спортчилар Токиодаги 2020 йилги Олимпиадада иштирок этишга қўйилади, бироқ 2018 йил Пёнгчангда бўлиб ўтган қишки Олимпиададаги каби нейтрал мақомда иштирок этадилар. Россия байроғи тақиқ остида бўлади, ғолиб бўлган спортчилар шарафига Россия мадҳияси янграмайди.