Kun.uz | Расмий канал
Вазирлик: хорижий ОТМдан ўқишни Ўзбекистонга кўчириш тартибига ўзгартириш киритилмади
Фото: PhotoXpress
Ижтимоий тармоқларда олий таълим тизимига оид хабарлар тарқалди. Жумладан, хорижий олий таълим муассасаларида таҳсил олаётган ўзбекистонлик талабаларни зудлик билан кўчириб келиш, ўқишни кўчириш учун имтиҳонлар пуллик бўлгани ва шунга ўхшаш маълумотлар пайдо бўлди.
Олий ва ўрта махсус таълим вазирлигига кўра, “фейк” ахборотлар оқими вазирлик каналида ноқонуний тарзда абитуриентлардан ҳужжатлар қабул қилинаётгани ва шу каби қонунга зид ҳолатлардан аҳолини огоҳлантириш мақсадида маълумот эълон қилингандан сўнг кучайган.
“Бундай ёлғон хабарларга вазирлик расмий телеграм каналининг ҳаволаси қўйилиши ортидан айрим юртдошларимиз уларга ишониб қолмоқда, вазирликка оғзаки, ёзма ва интернет орқали мурожаатлар сони кўпаймоқда”, - дейилади вазирлик баёнотида.
Қайд этилишича, хорижда таҳсил оладиган талабалар ва уларнинг ота-оналарига шуни расман маълум қиламизки, хорижий олий таълим муассасаларидан ўқишини Ўзбекистон олий таълим муассасаларига кўчириш ва кўчириб қайта тиклаш тартибига ҳеч қандай ўзгартириш киритилгани йўқ.
Бу бўйича барча жараёнлар Вазирлар Маҳкамасининг 2017 йил 20 июндаги “Олий таълим муассасаларига ўқишга қабул қилиш, талабалар ўқишини кўчириш, қайта тиклаш ва ўқишдан четлаштириш тартиби тўғрисидаги низомларни тасдиқлаш ҳақида”ги 393-сонли қарори асосида амалга оширилади.
Бунда хорижий олий таълим муассасаларидан ўқишини Ўзбекистон ОТМга кўчириш ва кўчириб қайта тиклаш истагини билдирган фуқаролар тизимида ОТМ мавжуд вазирлик ва идораларда ташкил қилинган комиссияларда ўқиши кўчирилаётган ОТМнинг муайян таълим йўналишидаги ўқишга кириш фанлари бўйича ўқийдиган тилида махсус синов (комиссия томонидан белгиланган тест ёки ёзма иш ёки касбий (ижодий) имтиҳон шаклида) топширади.
Жорий йил 28-30 август кунлари хорижий олий таълим муассасаларидан ўқишни кўчириш ва кўчириб қайта тиклаш бўйича мурожаат қилган номзодлар учун масофавий онлайн тест синовлари ўтказилди.
2020/2021 ўқув йили учун синовлар келгуси йилда бўлиб ўтади. 2019 йилда ўқишни кўчириш ва кўчириб қайта тиклаш бўйича имтиҳонлар ўтказилмайди.
Халқаро тан олинган ташкилотларнинг олий таълим муассасалари рейтингида биринчи 1000таликдан жой олган Россия Федерацияси олий таълим муассасаларида таълим олаётган талабаларнинг аризаларига мувофиқ уларнинг ўқиши Давлат комиссияси қарори билан Ўзбекистон олий таълим муассасаларига синовлар (тест, ёзма иш)сиз тўлов-контракт асосида кўчирилади.
Бу туркумга кирувчи ОТМларда таҳсил оладиган талабалар ҳам 2020 йилнинг 15 июлдан 5 августга қадар мурожаат қилишлари керак.
Талабалар ўқишини кўчириш узрли сабабларга кўра (республиканинг бир ҳудудидан иккинчи ҳудудига доимий яшаш учун ёки турмушга чиқиш муносабати билан турмуш ўртоғи доимий яшайдиган (паспорт бўйича доимий рўйхатдан ўтган) ҳудудга кўчиб ўтганда, турмуш ўртоғи ёки ота-онаси ҳарбий хизмат ўташ жойини ўзгартирганда, ёхуд ота-онаси (турмуш ўртоғи) хориждаги давлат хизматидан қайтганда) баҳорги семестрда ўқув машғулотлари бошланишидан олдин ҳам амалга оширилиши мумкин.
Бунда ўқишини кўчириш бўйича ариза топшириш — ҳар йили 20 декабрдан кейинги йилнинг 20 январига қадар; ўқишини кўчириш бўйича аризани кўриб чиқиб, қарор қабул қилиш — ҳар йили 25 январдан 15 февралга қадар амалга оширилади.
“Фурсатдан фойдаланиб, юртдошларимиздан ижтимоий тармоқлар орқали тарқатилаётган турли асоссиз хабарларга ишониб қолмасликни, олий таълимга оид муҳим хабарларни вазирликнинг расмий телеграм канали- @eduuz орқали танишиб боришни сўраб қоламиз”, - дея якунланган маълумот.