Kun.uz | Расмий канал
Мексиканинг Аргентинадаги элчиси дўкондан китоб ўғирлаганликда айбланмоқда
Фото: AFP
Мексиканинг Аргентинадаги элчиси Оскар Рикардо Валеро Буэнос-Айресдаги дўкондан китоб ўғирлаганликда айбланаётгани сабабли ортга чақиртириб олинади. Бу ҳақда Мексика ташқи ишлар вазири Марсело Эбрард маълум қилди.
“Мен ахлоқ бўйича қўмитадан Аргентинадаги элчи билан боғлиқ воқеани ўрганишни илтимос қилдим. Элчи машҳур дўкондан китоб ўғирлашда айбланмоқда. Ҳозирча мен унга уйга қайтишга кўрсатма бердим”, деб айтган Эбрард.
Аргентина пойтахтининг энг машҳур диққатга сазовор жойларидан саналувчи “Атенео” дўконида ўрнатилган кузатув камераси 76 ёшли элчи китобни газета орасига беркитиб олиб чиқмоқчи бўлганини қайд қилган. У дўкондан чиқишда қўриқчилар томонидан тўхтатилган ва полиция бўлимига етказилган. У ерда элчининг шахси аниқланиб, сўнгра қўйиб юборилган.
“Агар видеоёзув чин бўлса, элчи зудлик билан бўшатилади. Ўзини ноҳалол тутишга мутлақ йўл қўйиб бўлмайди”, деб айтган Мексика ташқи ишлар вазири.
Таъкидланишича, элчи ўз лавозимини жорий йилнинг августида бажаришга киришган. У дўкондан олиб чиқиб кетмоқчи бўлган китобнинг нархи 750 песо (12 доллар) туради.