Kun.uz | Расмий канал
Самарқанд вилояти туманларида пиротехника воситаларини қонунга хилоф равишда ўтказаётган фуқаролар ушланди
Янги йил яқинлашиши билан жойларда пиротехника воситаларининг ноқонуний савдоси авжига чиқади. Самарқанд вилояти ички ишлар органлари ходимлари бутун вилоят бўйлаб ана шундай ҳолатларга барҳам бериш борасида иш олиб боришмоқда.
4 декабрь куни Самарқанд шаҳри бўйича ИИО ФМБ 8-сонли ИИБ ЖҚГ ҳамда вилоят ИИБ ППХБ ходимлари томонидан ўтказилган «пиротехника воситаларини сотиб олиш» тадбири давомида Самарқанд шаҳрида яшовчи Г.Ш.дан ХХРда ишлаб чиқарилган 1200 дона пиротехника воситасини 300 минг сўм пулга савдолашиб, сотаётган вақтида ички ишлар органлари ходимлари томонидан ушланиб, ашёвий далиллар тегишли тартибда ҳужжатлаштириб олинган. Г.Ш.га нисбатан МЖтКнинг 185-1-моддаси билан маъмурий баённома тузилган.
Шу куни Каттақўрғон туманида ўтказилган тезкор тадбир давомида М.Л. Пайшанба шаҳарчаси «Деҳқон бозори» ёнида савдо дўконида яширин равишда сақлаб келаётган пиротехника буюмларини пачкасини 13.000 сўмдан сотган вақтида қўлга олиниб, кўздан кечириш давомида унинг савдо дўконидан яна 27 блок пиротехника маҳсулотлари топилиб, тегишли тартибда ҳужжатлаштирилган.
7 декабрь куни Ургут туманида ўтказилган тезкор тадбир давомида «Камангарон» МФЙда яшовчи С.К. Қирғизистонда ишлаб чиқарилган «Трения» номли пиротехника маҳсулотларини жами 1.344.000 сўмга сотган вақтида ушланиб, тегишли тартибда ҳужжатлаштирилди.
Худди шунингдек, Самарқанд шаҳрида яшовчи Х.Ш. ўз бошқарувида бўлган «Лабо» автомашинасида Нарпай тумани маркази Оқтош шаҳридаги деҳқон бозори ёнига келган вақтда, унинг машинасидан ХХРда ишлаб чиқарилган 240 пачка пиротехника воситаси борлиги, аниқланиб тегишли тартибда ҳужжатлаштириб олинган.
Мазкур ҳолатлар юзасидан суриштирув ишлари олиб борилмоқда, деб маълумот берди Kun.uz’га Самарқанд вилоят ИИБ матбуот хизмати.
Ҳурматли фуқаролар!
Пиротехника буюмларининг қонунга хилоф муомаласи Ўзбекистон Республикаси Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексининг 185-1-моддасига кўра жавобгарлик келтириб чиқаради.
Яъни, пиротехника буюмларини қонунга хилоф равишда ишлаб чиқариш, тайёрлаш, сақлаш, ташиш, жўнатиш, улардан фойдаланиш, худди шунингдек уларни қонунга хилоф равишда Ўзбекистон Республикасига олиб кириш (олиб чиқиш) ёки ўтказиш — ҳуқуқбузарлик ашёларини мусодара қилиб, энг кам иш ҳақининг 5 бараваридан 20 бараваригача миқдорда жарима солинишига сабаб бўлади.
Агар маъмурий жавобгарликка тортилгандан кейин ҳам шу ишга қўл урилса, бу жиноий жавобгарлик келтириб чиқаради ва Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг 250-1-моддаси (Пиротехника буюмларининг қонунга хилоф муомаласи)га кўра жазо тайинланади.