Kun.uz | Расмий канал
Ҳиндистон Ўзбекистонда янги завод қуради
Инновацион ривожланиш вазирлиги делегациясининг Ҳиндистоннинг Гужарат штатига амалга оширган сафари доирасида қатор лойиҳаларни амалга ошириш мақсадида Natural Storage Solutions Pvt. Ltd., Nath Bio-Genes, Paragon Irrigation Pvt. Ltd. ва бошқа компаниялар билан англашув меморандумлари имзоланди.
Вазирлик хабарига кўра, Natural Storage Solutions Pvt. Ltd. компанияси билан инновацион технологиялар асосида мева-сабзавот маҳсулотларини сақлаш соҳасида ҳамкорликни йўлга қўйишга келишилди. Мазкур лойиҳа бўйича инновацион технологиялар асосида мева-сабзавот маҳсулотларини сақлашга мўлжалланган завод қурилиши режалаштирилган.
Сабзавот ва меваларни музлатиб ва совитиб сақлаш технологиясининг трансфер қилиниши республикада озиқ-овқат хавфсизлигини таъминлашга, маҳсулотларнинг нобуд бўлишига йўл қўймасликка хизмат қилади, дейилади хабарда.
Қайд этилишича, корхона томонидан таклиф этилаётган совитиш, музлатиш ва сақлаш тизимлари кўп йиллик тадқиқотлар натижаси бўлиб, ҳар бир мева ва сабзавот турининг ўзига хослигини инобатга олган ҳолда, улардаги бор витамин ва минерал моддаларини сақлаш имкониятини беради.
Ҳиндистон қишлоқ хўжалиги ривожига салмоқли ҳисса қўшган корхона – Nath Bio-Genes компанияси билан ҳамкорликда Самарқанд вилоятида 20 гектар ер майдонида юқори технологиялар асосида элита уруғ ишлаб чиқаришни ташкил этиш бўйича келишувга эришилди. Ҳозирда элита уруғ ишлаб чиқарувчи ўзбек-ҳинд қўшма корхонаси учун ер ажратиш, хусусан, эркин иқтисодий ва кичик саноат зоналари ҳудудига киритиш бўйича таклиф ишлаб чиқилмоқда. Мақсад – юқори технологиялар асосида уруғ маҳсулотлари ишлаб чиқаришни йўлга қўйиш.
Paragon Irrigation Pvt. Ltd. компанияси билан инновацион технологиялар асосида томчилатиб суғориш тизимларини ишлаб чиқариш бўйича қўшма корхонани ташкил этилади. Шу муносабат билан қўшма корхона учун ер ажратиш, хусусан, эркин иқтисодий ва кичик саноат зоналари ҳудудига киритиш бўйича таклиф ишлаб чиқилмоқда. Келгусида мазкур ҳинд компанияси билан томчилатиб суғориш технологияларини ишлаб чиқаришни ташкил этиш кўзда тутилган.