Kun.uz | Расмий канал
Россиядаги конда содир бўлган ёнғин оқибатида 3 нафар ўзбекистонлик ҳалок бўлди
Фото: РИА Новости
Ўзбекистоннинг Екатеринбург шаҳридаги бош консулхонаси ФВВнинг Свердлов вилоятидаги ваколатхонасига таяниб маълум қилишича, 2019 йил 8 декабрь куни эрталаб соат 6:45да Ямало-Ненецк автоном округи Тазов тумани Пякяхин конида содир бўлган ёнғин оқибатида 3 нафар Ўзбекистон фуқароси А.Э., Э.Д. ва А.С. вафот этди, ҳамюртимиз Т.А. куйиб шифохонага жойлаштирилди.
Ташқи ишлар вазирлиги хабарида айтилишича, айни пайтда тегишли органлар томонидан тергов тадбирлари ўтказилмоқда.
Бош консулхона вазиятни назоратга олди ва Ўзбекистон Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлиги Ташқи меҳнат миграцияси агентлигининг Москва шаҳридаги ваколатхонаси билан биргаликда марҳумларнинг жасадларини ватанга юбориш билан боғлик консуллик-ҳуқуқий, ташкилий ва бошқа масалалар билан шуғулланмоқда.
Консуллик-ҳуқуқий департаменти марҳумларнинг оила аъзолари ва яқинларига ҳамдардлик изҳор этган ҳамда Россиянинг Урал федерал округи (Курган области, Свердловск области, Тюмен области, Челябинск области, Ханти-Мансийск автоном округи – Югра, Ямал-Ненецк автоном округи) ҳудудида бўлиб турган Ўзбекистон фуқаролари зарур ҳолатларда мамлакатнинг Екатеринбург шаҳридаги бош консулхонасига қуйидаги телефон рақамлари орқали мурожаат қилишлари мумкинлигини эслатиб ўтган: +7 343 276 31 66, +7 343 272 31 33.