Kun.uz | Расмий канал
Соддалаштирилган тартибдаги нотариал ҳаракатлар жорий этилади
Фото: Shutterstock
Қонунчилик палатасидаги Ўзбекистон “Адолат” СДП фракциясининг навбатдаги йиғилиши бўлиб ўтди. Унда мамлакат бюджети шакллантирилишига хизмат қилувчи ва барча фуқаролар учун муҳим аҳамият касб этадиган “Ўзбекистон Республикасининг Солиқ кодексига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида”ги қонун лойиҳаси иккинчи ўқишда кўриб чиқилди.
Солиқ тўловчилар томонидан ортиқча сарсонгарчиликнинг олдини олиш мақсадида солиқ қарздорлигини кечиктириш ёки бўлиб-бўлиб тўлаш ваколатини фақат Давлат солиқ қўмитасига эмас, балки ҳудудий солиқ идораларига ҳам бериш масаласи илгари сурилди.
Қонун лойиҳаси орқали Ўзбекистон Республикаси солиқ сиёсатини такомиллаштириш концепцияси доирасида соддалаштирилган солиқ тизимига ўтиш мезонлари қайта кўриб чиқилди.
Депутатлар таклифи асосида солиқ имтиёзлари барча учун баробар бўлиши принципи лойиҳада қатъий белгилаб қўйилди. Имтиёзнинг барча учун тенг бўлиши бу – ижтимоий адолат тамойилларига мосдир. Айрим тоифаларга солиқ имтиёзлари берилиши бу бошқа солиқ тўловчиларнинг норозилик кайфиятини келтириб чиқаради ва яширин иқтисоднинг юзага келишига сабаб бўлади.
Фракция депутатлари берилаётган имтиёзларнинг самарадорлигини мониторинг ва назорат қилиш бўйича таъсирчан тизим яратиш таклифини ҳам илгари сурдилар.
Йиғилишда “Нотариат тизимининг тубдан ислоҳ қилиниши муносабати билан Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида”ги қонуни лойиҳаси ҳам кўриб чиқилди.
Депутатлар томонидан таъкидланганидек, бугунги кунда давлат нотариал идоралари аҳолига тез ва сифатли хизмат кўрсатишда турли ноқулайликлар ва хизматлар кўрсатишда навбатлар вужудга келиши натижасида турли коррупцион ҳаракатлар учрамоқда. Шунингдек, нотариал ҳаракатлар сони ортиб бораётган бир шароитда давлат нотариал идораларига қўшимча штат бирликларини жорий этиш жараёнининг мураккаблиги мурожаат этувчилар томонидан турли эътирозларга сабаб бўлмоқда. Шу жиҳатдан, илғор хорижий тажриба жисмоний ва юридик шахсларнинг низоларнинг олдини олиш функциясини бажарувчи нотариатнинг фаол нодавлат моделига бўлган эҳтиёж ортиб бораётганини инобатга олиб, мазкур лойиҳа ишлаб чиқилгани фракция депутатлари томонидан диққатга молик иш сифатида баҳоланди.
Ушбу лойиҳа фуқароларга бир қатор қулайликлар яратади. Шу мақсадда қонун лойиҳаси орқали давлат нотариал идораларини босқичма-босқич нотариатнинг нодавлат шаклига ўтказиш белгиланмоқда. Айниқса, лойиҳа билан мамлакатда янги ташкилот – Ўзбекистон Республикаси Нотариал палатасининг ташкил этилаётгани ва унинг асосий вазифа ва фаолият йўналишлари белгиланаётганини депутатлар томонидан ушбу соҳадаги янги давр, дея баҳоланди.
Ушбу лойиҳа билан айрим турдаги битимларни мажбурий нотариал тасдиқлаш тартибини бекор қилиш, соддалаштирилган тартибдаги янги турдаги нотариал ҳаракатларни жорий этиш, масофадан туриб, шу жумладан, видеоконференцалоқа орқали нотариал ҳаракатлар амалга ошириш ҳамда нотариусга электрон мурожаат қилиш механизмини такомиллаштириш амалиёти яратилади. Бу орқали фуқароларга тезкор нотариал хизматлар кўрсатиш ва уларга қулайликлар яратишга эришилади.
Хорижий давлатларда жисмоний ва юридик шахслар хизмат кўрсатишда нотариатнинг фаол нодавлат модели истеъмолчиларнинг талаблари доирасида тез ўзгара олиш қобилиятига эга. Шунга кўра, нотариат институти низоларни олдини олиш воситаси сифатида такомиллаштириш давлат хизматларини сифат жиҳатидан янги босқичга кўтаришнинг асосий омили бўлиб ҳисобланади.
Шунингдек, йиғилишда яна бир қатор бошқа қонун лойиҳалари ҳам кўриб чиқилиб, фракциянинг тегишли қарори қабул қилинди.