Омонатдорлик
by Islom.uzБисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.
Авзоийдан ривоят қилинади: «Умар ибн Абдулазиз оила аъзоларига улушларни тақсимлаб бериб, уй-уйларига тарқалишни буюрди. Анбаса ибн Саъид айтади: «Эй мўминларнинг амири, бизнинг қариндошчилигимиз бор-ку?» дедим. Умар ибн Абдулазиз: «Сизларга берадиган ортиқча молим йўқ, бу молда сизларнинг қандай ҳаққингиз бўлса, Баркул Ғимоднинг энг чеккасида яшайдиганларнинг ҳам шундай ҳаққи бор. Улар узоқда яшагани учун ҳаққини ололмайди, холос. Аллоҳга қасамки, ишлар чаппасига айланиб, ҳамма ҳам сизлар каби фикрлайдиган бўлиб қолса, Аллоҳнинг азоби тушади», деди. Умар ибн Абдулазиз намоздан сўнг қавмнинг бир четига бориб ўтирар, улар дуога қўл кўтарганда қўшилиб дуо қиларди».
«Солиҳлар гулшани» китобидан