Kun.uz | Расмий канал

Канададаги авиаҳалокатда ҳалок бўлган ўзбекистонликларнинг дафн маросими бўлиб ўтди

https://storage.kun.uz/source/4/x3Y0KID0GcqmrnaqYk1Ot2LazcmQ7wxP.jpg

Канаданинг Торонто шаҳрида авиаҳалокат қурбонлари бўлган ўзбекистонликларнинг дафн маросими бўлиб ўтди. Бу ҳақда ctvnews.ca нашри хабар берди. 

Авиаҳалокат 27 ноябрда Канаданинг Кингстон шаҳрида юз берганди. АҚШнинг Техас штатида яшовчи Отабек Облақулов рафиқаси Замира Бобоева ва 3, 11 ва 15 ёшли уч фарзанди билан ҳамда Ўзбекистондан Канадага иммиграция қилган Бобомурод Набиев ва унинг рафиқаси Сабина Усмонова Маркхем шаҳридан Квебекка парвоз вақтида ҳалок бўлишган. Самолётни Отабек Облақулов бошқарган. 

6 декабрда Торонто яқинида жойлашган Скарборо шаҳридаги “Абу Бакр Сиддиқия” масжидида ҳалок бўлганларнинг жанозаси бўлиб ўтган. Унда Канадада яшовчи ва ишловчи ҳамда АҚШнинг Чикаго ва Хьюстон шаҳридан келган ўзбеклар иштирок этишган.

Авиаҳалокат қурбонларидан 6 нафари - Отабек Облақулов фарзандлари ва рафиқаси билан бирга ҳамда Бобомурод Набиев Канаданинг Ричмонд Холл шаҳридан 25 км узоқликда жойлашган мусулмонлар қабристонида дафн этилган. Облақуловлар оиласи қариндошларининг Канадада дафн этилишига розилик берган. Сабина Усмонованинг ота-онаси қизининг Ўзбекистонда дафн этиш истагини билдирган. Шу сабабли Торонтога марҳуманинг отаси жўнаган.

Ҳанузгача авиаҳалокатга нима сабаб бўлгани номаълумлигича қолмоқда. Фожиага об-ҳаво шароити ёки техник носозлик олиб келганига самолёт қолдиқларини текшириш давомида аниқлик киритилади.