https://championat.asia/upload/storage/531375_original.jpg

Италия мафияси ва футбол вакилларининг "қинғир ишлари"

Конте, Аньелли ва албатта, Марадона ҳақида.

Бир неча ҳафта аввал бир янгиликдан бутун Италия ёқасини ушлади: Антонио Конте номаълум инсондан ўқ солинган хат олди. Буни эшитганлар ўтмишдаги хотираларни ҳамда мафияни ёдга олишди. Орадан бир қанча вақт ўтди. Оммавий ахборот воситалари бу қандайдир тушунмовчилик ва ақл-хуши жойида бўлмаган мухлисларнинг навбатдаги "ҳазили" эканини аниқлашди. Шундай бўлишига қарамай, Италиядаги мафия футбол билан чамчарчас боғланган ва клублар мафия билан келишган ҳолда иш тутган.

"Наполи"

80-90-йилларда Неаполь клуби Каморра (Италиядаги энг машҳур жиноятчи гуруҳлардан бири) назорати остида бўлган. Ўшанда мафия аъзолари атрибутика, чипта даромадидан улуш олган ҳамда клубнинг трансферлари борасида фаол иштирок этган. Агар Италия газеталарига ишонадиган бўлсак, у ҳолда мафия ходимлари ўз ҳисобидан Марадонага катта пул тўлаб, уни Неаполга олиб келишган экан.

1984 йилнинг июль ойида Диего клубга келгани муносабати билан ўтказилган матбуот анжуманида франциялик журналист Аллен Шалу 23 ёшли юлдузга очиқчасига шундай деган: "Сенга пулни Каморра тўлаб берди. Футболкангдаги 10-рақам ҳам уларнинг шарофати билан берилди". Буни эшитган Марадона довдираб қолган. "Наполи" президенти эса журналистга матбуот залидан дарҳол чиқиб кетишини ишора қилган. Аммо францияликнинг кетиш нияти йўқлигини тушунган Коррадо Ферлаино қизариб кетади ва жаҳл билан шундай дейди: "Сиз бундай саволларингиз билан бизни ҳақорат қилиб, хафа қиляпсиз. Неаполь – ҳалол ва тоза шаҳар".

Диего мафия билан дўстлашгани. У ҳамон мафия аъзолари билан илиқ муносабатда эканини ҳисобга олсак, миш-мишлар ҳақиқат эканига шубҳа қилишга ҳожат қолмайди. Айнан мафия уни гиёхванд моддалар қабул қилишга ўргатиб қўйди, айнан улар Марадона қаерда ўйнамасин энг яхши турар жойларни топиб берди, футболчининг ўзи эса жиноятчиларнинг ўша машҳур гуруҳи Каморранинг севимли меҳмонларидан ҳисобланарди. ЖЧ-1990 бошланишидан олдин Диего Кармине Джулиано – жиноятчилар оламининг йирик вакилларидан бири билан бирга кўнгилхушлик қилатёгани тасвирланган суратлар тарқалди. Аргентиналикнинг ўзи ҳам автобиографиясида мафия вакиллари билан яхши алоқада эканини ва улардан мунтазам совғалар олиб туришини тан олган.

https://championat.asia/upload/storage/531365_680.jpg

Умуман олганда, бир нарсани тан олиш керак, Неаполь — ҳеч қачон тўлиқлигича давлат бошқаруви остида бўлмаган шаҳарлардан бири. Маҳаллий аҳоли Италиянинг қолган қисмини унча хушлашмайди ва ўзлари билганча ҳаёт кечиради. Шаҳардаги деярли барча ҳаракатларни айнан Каморра назорат қилади. 

Янги аср бошларида "Наполи" касод бўлиш ҳолатига келиб қолди ва ортиқ фаолият юрита олмаслиги тобора аёнлашди. Ўшанда Каморра клубдан узоқлашди. Лекин 2006 йил Аурелио де Лаурентис жамоани қайта тиклади, унга янги ҳаёт бахш этди ва орадан бир йил ўтиб А Серияга қайтарди. Бу орада жиноятчилар яна клубга қайтишни истаб қолишди. Бу ишни бевосита амалга оширишнинг иложи бўлмади, бунга давлат ҳокимияти йўл қўймади. Ўтган вақт мобайнида ҳукумат жиноятчиликка қаршилик кўрсатиш йўлларини қисман бўлсада топа олди. Натижада Каморра аввалига мухлислар орасига киришга интилди (улар бирданига бутун Италия бўйлаб тартибсизликлар уюштира бошлашди), кейин навбат клуб футболчилари ва раҳбариятга етди. 2011 йил жамоанинг ўша вақтдаги асосий юлдузлари: Марек Гамшик, Эсекьель Лавесси ва Эдисон Каванига эътибор қаратилди. Уларнинг барчасига ҳужумлар уюштирилди. Суриштирув ишларининг хулосасига кўра, бу иш Каморранинг фаоллиги бўлган. Гамшик аёлининг машинасини ўғирлаб кетишди, Лавессига қуролли ҳужум уюштирилди, Кавани уйини эса ўғрилар тунади.

Охирги марта мафия ва "Наполи" алоқалари медиага 2017 йилда яна кўтарилди. Ўшанда клубнинг номи ошкор қилинмаган футболчилари Каморрага қайта сотиши учун ўйин чипталарини олиб беришган. Футболчиларни жиноий гуруҳ вакиллари билан кўришган, аммо иш салмоқли далиллар топилмагани боис бости-бости қилиб юборилган. Нима бўлган тақдирда ҳам, Каморранинг Неаполдаги мавқеини инобатга олсак, клуб ва мафия бугунги кунда ҳам алоқада бўлишининг эҳтимоли жуда юқори. Бу алоқалар ҳақида биз ҳали узоқ вақт ўқиб, эшитиб юрсак керак.

"Палермо"

Сицилия клуби мафияга умуман алоқаси бўлмаслигини тасаввур қилишнинг ўзи бироз қийин. Маълум вақтгача клуб тарихида оламшумул воқеалар бўлмаган. Лекин 2008 йил ОАВ вакиллари "Палермо"нинг жиноят олами билан яқин алоқаларда экани ҳақида бонг ургач, барчаси ўзгариб кетди. Ҳаттоки, Сицилия мафиясига бевосита алоқадор шаҳслар исмлари келтирилган: бу ёшлар жамоаси мураббийи ва клуб адвокати.

https://championat.asia/upload/storage/531366_680.jpg

Клубнинг ўша вақтдаги президенти Маурицио Дзампарини жамоанинг жиноятчилар билан алоқаси борлиги ҳақидаги гапларни кескин инкор этган. Бироқ атрофдагилар клуб нафақат алоқада эканлиги балки, жиноятчилар гуруҳларидан бирини Сальваторе Ло Пикколо бошқаришини таъкидларди. Айтганча, у Сицилия мафиясининг собиқ етакчиси — 2006 йил 30 йил қамоқ жазосига ҳукм қилинган Бернардо Провенцанонинг вориси ҳисобланади. Ло Пикколо жамоа учун янги стадион қурилишига маблағ ажратмоқчи бўлиб турганди, аммо 2007 йил унга 10 йилга қамоқ жазоси берилди. Шунингдек, Пикколо узоқ вақт давомида Италиядаги деярли барча трансферларни бошқариб турган. 

"Ювентус"

"Юве" ва Кальчополи иши ҳақида деярли барчамиз яхши биламиз. Лекин шу билан барчаси якун топган деб ўйласангиз адашасиз. Ҳар ҳолда Италиянинг ўзида шундай деб ҳисоблашади. Клубнинг ҳозирги президенти Андреа Аньелли кўп бор турли хил шубҳали ишларга аралашиб қолган бўлиб чиқади. Мисол учун 2016 йил декабрь ойи уни ўз жамоаси ўйинлари учун чипталарни жиноий дунё вакилларига сотганликда айблашди. У мафия етакчиларини VIP жойга, гуруҳнинг бошқа вакиллари ҳамда уларнинг оила аъзоларини эса мухлислар секторларига жойлаштирган. 2017 йил Аньеллини бир йилга катта футболдан четлатишди.

Ўша 2017 йилнинг январь ойида "Ювентус" ишқибозларидан бири Чичо Буччи интервью берар экан, Турин ультраси таркибида мафия вакиллари борлигига шаъма қилди. Италия полицияси текширув ишларини бошлаб юборди. Лекин орадан ярим йил ўтиб Буччига нима бўлди, биласизми? Уни Туриндан 100 км узоқликдан ўлик ҳолда топишди. Воқеа шунчалик шов-шувга сабаб бўлдики, ҳатто "The Guardian" нашри бу ҳақида алоҳида мақола тайёрлади. Тасодифми? Хулоса ўзингиздан, аммо жуда шубҳали ҳолат.

https://championat.asia/upload/storage/531368_680.jpg

Бироқ "Юве"нинг мафия билан қандай боғлиқлиги мавжуд? 1899 йил италиялик ишбилармон "Кекса синьора"нинг амалдаги президенти қариндошларидан бири Жованни Аньелли барчага маълум ва машҳур FIAT концернига асос солди. Кейинчалик бу оилавий бизнесга айланди. Компания эса нафақат автомобил, балки поезд ва ҳаттоки, енгил моторли самолётлар ишлаб чиқара бошлади. Табиийки, давлат органлари, мафия, фашистлар ва турли йилларда ҳокимиятни ўз қўлида ушлаб турганлар билан яқин алоқада бўлган.

1967 йил "Ювентус" очиқ акциядорлик жамиятига айланди ва унинг фоиз пакетларини Италияда деярли барча қўлга киритиш ниятида эди. Аньелли оиласи учун бу ажойиб имконият эди ва улар бундан фойдаланиб қолишди. Акцияларнинг асосий пакетини қўлга киритишда уларга ким ёрдам бериб юборганини ўзингиз ҳам тушуниб улгурган бўлсангиз керак. Шу йўсинда Аньелли ва мафия ўртасидаги "дўстона" муносабатлар ҳамон давом этмоқда. "Ювентус" у ёки бу ҳакамни "сотиб олгани" ҳақидаги янгиликларни деярли ҳар мавсум учратиш мумкин. Ҳа, бусиз ҳам "Кекса синьора" турли жанжалларга аралашиб юради, лекин уларнинг яна қанчаси ими-жимида ҳал этиб юборилган экан... Италиянинг ўзида ҳам "Юве" сўнгги йилларда А серия тахтини ҳеч кимга бермай келаётгани нафақат футбол майдони, балки ундан ташқарида ҳам қисман ҳал қилиб қўйилаётгани ҳақида миш-мишлар етарлидир.

Нозима Зарипова таржимаси

Манба : championat.asia